“Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра, «Ангрен иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятининг 2-қозон-турбина цехи машинисти Бахтиёр Нурматов “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.
“Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖ 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан аҳоли, корхона, ташкилот, муассасаларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлайди. Мана шу масъулиятли жараёнга Б.Нурматов ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Б.Нурматов ўз мехнат фаолиятини 1982 йилдан РПО “Узстройин-дустрия” корхонасида пайвандчи вазифасидан бошлаган. “Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖдаги фаолиятини 1995 йилда қозон-турбина цехи назоратчи машинист вазифасидан бошлаб, хозирги кунда қозон ускуналари машинисти лавомида меҳнат қилмоқда.
Б.Нурматов энергетика соҳасида чуқур билимга эга бўлган масъулиятли ва талабчан ходим сифатида эътироф этилади. Чуқур мулоҳаза қилиш ва бошқариш қобилиятига эга. Замонавий иқтисодиёт ва бозор муносабатлари масалаларини ўрганган, мунтазам равишда ўз билимларини ва касб маҳоратини ошириш устида изланади, янги техникани жорий этиш бўйича тадбирларга ва ишлаб чиқаришни бошқаришнинг замонавий усуллари тадбиқ этилишига кўмаклашади, ёш мутахассисларга мураббийлик қилади, жамоат ишларида фаол иштирок этади.
2018 йилда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан “Энергетика фахрийси” унвони билан тақдирланган. Самарали меҳнатлари учун бир неча маротаба юқори ташкилотлар томонидан тақдирланган. Меҳнат жамоасида алоҳида ҳурматга эга.
Бахтиёр Назировичнинг давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланиши бутун акциядорлик жамияти ишчи-ходимларига кўтарики руҳ бағишлади. Зеро, биз бир жамоамиз. Келгусида фидйои энергетикимизга бундан-да юқори натижаларнга эришишни тилаб қоламиз.
Яйра АЪЗАМОВА,
“Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖ